Россияда ўзбек муҳожирлари футбол фанатини ўлдирганлик айби билан қамоққа ташланди

Санкт Петербург шаҳрида ўзбекистонлик уч муҳожир футбол фанатини калтаклаб ўлдирганликда айбдор деб топилди. Суд ҳукмига кўра, Ўзбекистон фуқароларига уч йилдан олти йилгача қамоқ муддати берилди.

Чоршанба куни Санкт Петербург шаҳар суди 2011 йил октябрида Роман Ловчиковнинг ўлдирилишида айбдор деб топилган 32 ёшли Мамур Қудратов ва 33 ёшли Нозим Розиқовларга уч йилдан 41 ёшли Икром Розиқов эса қаттиқ режимли колонияда олти йил қамоққа маҳкум этилди.

Судланувчиларнинг бирортаси ўзларига қўйилган айбловларни тан олмади. Муҳожирлар Ловчиков ва яна бир эркак ҳужумни бошлагани ва улар ўзларини ҳимоя қилгани тўғрисидаги суддаги кўрсатмалари инобатга олинмади. Суд жанжал миллий ёки ирқий хусумат асосида келиб чиққанига доир версияни ҳам инобатга олмади.

Кейинги йилларда Россияда, айниқа марказий-осиёлик муҳожирларга қарши ҳужумлар кўлами ошган.