Президент Каримов қишки Олимпиада очилиш маросимида қатнашади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов XXII қишки Олимпиада ўйинлари очилиш маросимида иштирок этиш учун Сочи шаҳрига боради.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ахборот агентлиги 6 февраль куни хабар тарқатди.

Бу галги Олимпиадада ўзбекистонлик спортчилар ҳам иштирок этади. Ўзбекистон Миллий Олимпия жамоаси таркибига кирган Михаил Ге фигурали учиш, Ксения Григорьева ва Артём Воронов слалом беллашувларида қатнашади.

5 февраль куни Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг тантанали кўтарилиши маросими бўлиб ўтди.

Қишки Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиши маросими 7 февралга белгиланган.

Ўзбекистонлик спортчиларнинг чиқишлари 13 -14 февраль кунлари бошланади. 13 февраль куни Артём Воронов ва Михаил Ге, 14 февралда Ксения Григорьева беллашувни бошлайди.