Ўзбекистон Тожикистоннинг юк машиналарини тезроқ ўтказиб юбориш илтимосини қондирди

Ўзбекистон Тожикистон илтимосига кўра, ўтган ойда тожик-қирғиз чегарасида можаро чиққанидан бери тўхтаб қолган юк машиналарини ўз ҳудуди орқали ўтказишга розилик берди.

11 январь куни Қирғизистон тожик чегарасидаги барча назорат ўтказиш пунктларини ёпиб қўйганидан кейин, ўтган ҳафта Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота жўнатиб, Тожикистонга кетаётган юк тарнспортини ўзбек-тожик чегараси орқали тезлаштирилган режимда ўтказиб юборишни илтимос қилди.

Азия-плюс агентлигининг Душанбедаги Ўзбекистон элчихонасига таяниб хабар қилишича, расмий Тошкент ўз жавобида бу илтимос қондирилиши билдирилган.

Ўзбекистон элчихонасига кўра, одатда ўзбек-тожик чегарасидан бир суткада 10-12 автомобил ўтказилса, бу келишувга кўра, суткасига 90-110 автомобил ўтказилишига розилик берилган.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар одатда таранг бўлгани боис, мазкур келишув таҳлилчилар тарафидан одатдан ташқари деб қабул қилинмоқда.