Тошкентлик "евромайдончилар"дан Людний ва Даниэлян озодликка чиқди

Тошкентда рухсат этилмаган митинг ўтказганлик даъвоси билан жаримага тортилган фотосуратчи Умида Аҳмедова.

Тошкентда рухсат этилмаган митинг ўтказганлик даъвоси билан 30 январь куни 15 суткага ҳибс этилган Артём Людний ва Ашот Даниэлян шанба куни озод бўлган. Қўлга олинган учинчи шахс - Алексей Улько эса жазони ўташда давом этмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, Евромайдон қўлловчиларининг муддатидан олдин озод этилиш сабаблари ҳозирча номаълум бўлиб, Людний ҳам, Даниэлян ҳам бу борада на матбуот билан, на-да таниш-билишлари билан сўзлашишни истамаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 30 январь куни Жиноят ишлари бўйича Ҳамза туман суди Украинадаги Евромайдонни қўллаб тадбир ўтказган саккиз кишига нисбатан жарима ва маъмурий ҳибс шаклида жазо белгилаган. Хусусан, тадбир иштирокчилари бўлган аёлларга, шу жумладан, ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи Умида Аҳмедовага энг кам иш ҳақининг 50 баробари (тақрибан 1700 АҚШ доллари), эркакларга эса энг кам иш ҳақининг 60 баробари (тақрибан 2040 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинган. Аввал номи зикр этилган 3 киши эса 15 суткага қамалган.

27 январь куни Тошкентда бир гуруҳ фаоллар Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонасига Киевда евроинтеграция талаби билан норозилик тадбирлари ўтказаётган намойишчиларни қўллашлари билдирилган аризани топширгандилар, кейин эса шаҳар бўйлаб сайр қилгандилар. Кўп ўтмай уларнинг ҳаммаси Тошкент милицияси томонидан тутиб кетилганди.