Ўзбекистон яна журналистлар учун хавфли деб топилди

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистонни журналистлар учун хавфли мамлакатлар қаторига қўйди.

CPJ эълон қилган “Матбуотга ҳужум. 2013 йил журналистика жабҳаларида” номли ҳисоботда Ўзбекистондан ташқари журналистика доимий таҳдид остида бўлган мамлакатлар сирасида Россия, Беларус, Украина, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон ҳам келтирилган.

Мазкур рўйхат матбуот эркинлиги, ўлдирилган, қамоққа ташланган ва мамлактани тарк этишга мажбур бўлган журналистлар сони, давлат цензураси каби омилларга кўра тузилади.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга доир қисмида бу мамлакат ҳукумати кўплаб мустақил журналистларни уларнинг фаолияти учун қамоққа ташлаши қайд этилади. Кўп йиллардан бери журналистлар ва танқидчиларнинг таъқиб қилиниши матбуотни деярли йўққа чиқаргани оқибатида ўзбекистонликлар ахборот қамалида қолаётгани таъкидланади.

Ҳисоботда 2013 йилнинг охирда камида тўрт нафар журналист қамоқда қолаётгани ва уларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётган бўлиши мумкинлиги эслатилади.

Бир кун аввал, 12 февраль куни Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам матбуот эркинлигига доир навбатдаги рейтингида 180 мамлакат орасида Ўзбекистонни 166 ўринга қўйди.