Ўзбекистон иқтисоди 2013 йилда яна 8 фоизга ошгани айтилмоқда

Ўзбекистон расмийлари мамлакат иқтисоди 2013 йилда 8 фоизга ўсганини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати БМТ Бош ассамблеясининг 68-сессиясига тақдим қилган “2013 йилда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиши” тўғрисидаги ҳужжатда айтилишича, ўтган йили мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми 8 фоизга ошгани айтилади. Бунда саноат ишлаб чиқариш соҳаси 8,8 фоиз, қурилиш соҳаси 16,6 фоиз, хазмат кўрсатиш соҳаси 13,5 фоиз ва чакана товар айланмаси 14,8 фоизга ошгани иддао қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили мамлакат иқтисодига оид бир-бирига ўхшаш рақамларни эълон қилади. Мамлакат иқтисоди нисбатан ёпиқ бўлгани боис, халқаро мутахассислар Ўзбекистон иқтисоди йилига ўртача 8-9 фоизга ўсаётганига доир иддаоларни шубҳа остига олади.

Йиллар давомида қийин иқтисодий шароитда яшаётган аксар ўзбекистонликларнинг турмуши ўтган йили янада ёмонлашгани, хусусан, амалдаги инфляция расмий кўрсаткичлардан анча чуқурроқ бўлгани бу шубаҳаларга асос бўлади, дейди мустақил иқтисодчилар.