Нукусда божхона хизмати мусодара қилган осори-атиқалар кўргазмаси ўтмоқда

Нукусдаги Игорь Савицкий номидаги музейда Қорақалпоғистон божхона хизмати тарафидан ушлаб қолинган осори-атиқа буюмлар намойиш этилмоқда.

“20 аср ўртасига оид хўжалик буюмлари” деб номланган кўргазмада шу даврдаги минтақа аҳолиси кундалик турмушининг ўзига хослигини намойиш этувчи тарихий ва маданий қимматга эга бўлган уй-рўзғор буюмлари жой олган.

Экспонатлар орасида ошхона буюмлари, чой сервислари, самоварлар тўплами, лампалар ва шамдонлар борлиги айтилмоқда.

Қорақалпоғистон божхона хизмати Игорь Савицкий музейи билан кўпдан бери ҳамкорлик қилиб келади. Хизмат тарафидан ушлаб қолинган осори-атиқа буюмлар суд қарори билан музей фондига топширилади.