Тошкентда совуқ сув яна қимматлайди

“Сувсоз” давлат унитар корхонаси 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри аҳолиси учун совуқ сув таъминоти ва канализация учун тўловлар қимматлашини маълум қилди.

Корхонанинг билдиришича, янги нархлар жорий этилишига электр энергияси ва бошқа ресурсларнинг қимматлагани сабаб бўлган.

Янги тарифларга кўра, квартирада яшаётган, иссиқ сувга уланган ва совуқ сувга ҳисоблагичи бор тошкентликлар энди ҳар куб метр сув учун 294 сўмдан (эски нархи 266) ҳақ тўлайдилар.

Иссиқ сув таъминоти бўлмаган кўп қаватли уйларда ҳамда канализацияга уланган хусусий уйларда истиқомат қилувчилар учун эса бир куб метр сувнинг нархи ҳисоблагич бўйича 212 сўм бўлади.

Канализацияга уланмаган хусусий уйларда яшаётган тошкентликлар эса бир куб метр сув учун 130 сўм (эски нархи 120 сўм) тўлайдилар.

Сўнгги бор Тошкентда совуқ сув нархи ўтган йилнинг 1 октябрида қимматлаган эди.