Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Брюсселда ЕИ расмийлари билан учрашмоқда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов душанба куни Брюсселда Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғинида қатнашади. Тошкент вақти билан соат 20.30да бошланиши кутилаётган учрашувга Греция Ташқи ишлар вазири Эвангелос Венизелос раислик қилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ўзбек делегацияси ЕИ ва Бельгия расмийлари билан ҳам музокаралар ўтказади. Музокараларга доир бошқа тафсилотлар берилганича йўқ.

Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги муносабатлар 1999 йилда имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик келишувига асосан бошқарилади. Икки томон ўртасидаги муносабатлар 2005 йилда Андижонда ҳукумат қўшинлари тинч намойишчиларни ўққа тутиши ортидан ёмонлашган. ЕИ юзлаб намойишчининг ўлдирилишига жавобан расмий Тошкентга нисбатан жойри қилган санкциялар 2009 йилда олиб ташланган эди.