Марҳум шоир Муҳаммад Юсуф ҳақида фильм суратга олинди

“Ўзбеккино” миллий агентлиги Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишлаб “Бу ёруғ дунёда ўчмас чироғим” номли ҳужжатли фильмни суратга олди.

Агентлик хабарига кўра, фильм Муҳаммад Юсуф юбилейига бағишлаб “Туркистон” саройида ўтказиладиган тадбирда илк бор намойиш қилинади.

Фильмни кинорежиссёр Аюб Шаҳобиддинов Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саиднинг сценарийси асосида суратга олган.

Ўтган йилнинг 27 декабрида президент Каримов имзолаган қарорга кўра, шоир Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги бутун мамлакат бўйлаб нишонланиши лозим.

Қарорда айтилишича, юбилей муносабати билан шоирнинг "Сайланма" асарлари ва "Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида" тўплами нашр қилиниб, у яшаган кўчага ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш режалаштирилган.

Муҳаммад Юсуф 1954 йилнинг 26 апрелида Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилиб, 2001 йилнинг 31 июлида вафот этган. Унга 1998 йили Ўзбекистон Халқ шоири унвони берилган.