Россияда ўзбекистонликларни ўлдирганларга суд ҳукми ўқилди

Россиянинг Косторма ва Саратов шаҳарларида Ўзбекистон фуқароларини ўлдирганликда айбланганларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Косторма шаҳрида 2013 йилнинг 14 ноябрида Ўзбекистон фуқаросини иккинчи қаватдан ерга отиб ўлдирган Россия фуқароси 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу фуқарога нисбатан одамга қасддан оғир тан жароҳати етказиш ва эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабачи бўлиш моддалари асосида жиноят иши очилган эди. У ўз айбини тан олиб, ўзи полияцияга келгани ҳисобга олинган ҳолда 6 йилга кесилган.

Саратовда эса 6 май куни бундан 7 йил аввал Ўзбекистон фуқароси ва унинг дугонасини ўлдирган икки шахс 18 ва 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистонлик икки одамнинг ўлимида айбланиб судланганлар Қозоғистон фуқароларидир. Хабарда улар 2007 йилда 20 ёшли Ўзбекистон фуқароси ва унинг дугонасини ўлдирганини тан олгани айтилган.