Хоразмнинг Шовот каналига сайр кемаларини туширишмоқчи

Хоразмликларга кўра, Шовот каналининг иккала соҳилида ҳам сайёҳлар эътиборига молик объектлар йўқ.

Ўзбекистонда илк бор сайр кемаларининг ишга туширилиши ҳақида хабар қилинмоқда. 12news.uz нашрининг хабар қилишича, Хоразм вилоятидан оқиб ўтадиган Шовот каналига турли ҳажмдаги 12та сайр кемасини тушириш режалаштирилмоқда.

Хабарда айтилишича, сайёҳлик соҳасини ривожлантириш мақсадида ана шундай қарор олинган.

Anhor.uz нашридан иқтибос келтириб ёзилишича, сувга тушириладиган кемалардан “энг йиригининг узунлиги 19 метр бўлиб, унинг бортида 35 киши сайр қилиши мумкин”.

Узунлиги 150 километр келадиган Шовот каналининг эни 60 метрдан иборат ва бу сайр кемаларининг бемалол ҳаракатланишига имкон беради, дейилади яна хабарда.

Лекин маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишларича, Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ҳамда Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидан оқиб ўтадиган Шовот каналининг иккала соҳилида ҳам сайёҳлар эътиборини тортиши мумкин бўлган объектлар йўқ.

Ўтган асрнинг биринчи ярмида қазилган Шовот канали Амударёдан сув олади ва Хоразм вилоятинигн Хонқа, Урганч ва Шовот туманларидан оқиб ўтади.

Хоразм, Самарқанд, Бухоро каби қадимий маконлар жойлашганига қарамасдан сайёҳлик саноати ҳаминқадар аҳволга келиб қолган Ўзбекистонда ҳукумат бу соҳани ривожлантиришга ҳаракат қилиб келади.