Россия фуқаросини ўлдирганликда гумонланаётган ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Ўзбекистон Москва вилоятида “Спартак” футбол жамоаси ишқибозини ўлдирганликда гумонланаётган ўзбекистонликни Россияга топширди. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС агентлиги хабар берди.

Хабарга кўра, гумонланувчи Жаҳонгир Аҳмедов 15 май куни Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва 16 май куни Москванинг Домодедово аэропортида Россия милициясига топширилган.

Аҳмедов 22 ёшли Россия фуқароси Леонид Сафьянниковнинг ўлимида гумонланмоқда.

“Спартак” футбол жамоаси ишқибози экани айтилаётган Сафьянников 13 май куни Аҳмедов билан муштлашув натижасида ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Ушбу воқеадан сўнг Аҳмедов Ўзбекистонга учиб кетишга муваффақ бўлган.

15 май куни Москва яқинидаги Пушкино шаҳарчасида қотилликда гумонланаётган ўзбекистонликни жавобгарликка тортиш талаби билан намойиш ўтказилди. Юзлаган намойишчилар муҳожирларга қарши чақириқлар билан дўкон ва автобусларга ҳужум қилиб, у ердаги муҳожирларни катлаклаган.

Полиция 50 дан ортиқ намойишчини вақтинча ҳибсга олгани айтилмоқда.

Россияда марказий-осиёлик муҳожирларга нисбатан миллий адоват асосида содир этиладиган зўравонликларга кўпинча футбол ишқибозлари алоқадор бўлади.

2010 йили “Спартак” футбол жамоаси ишқибози Егор Свиридовнинг кавказлик тарафидан ўлдирилиши ортидан миллатчи гуруҳлар рус миллатига мансуб бўлмаганларга қарши қатор ҳужумлар уюштиришган эди.