Ўзбекистон Америкадан чўчқа гўшти сотиб олишни тўхтатди

Ўзбекистон АҚШдан қанча миқдорда чўчқа гўшти импорт қилиб келгани тўғрисида божхона вакили маълумот бера олмаган.

Ўзбекистон АҚШдан чўчқа гўшти импортини тақиқлади. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси расмийсига таяниб, хабар қилди.

Божхона қўмитасининг исми келтирилмаган мулозимига кўра, мазкур қарорга Америкада чўчқалар орасида ичкетар эпидемияси авж олгани сабаб бўлган.

Ўзбекистон АҚШдан қанча миқдорда чўчқа гўшти импорт қилиб келгани тўғрисида божхона вакили маълумот бера олмаган. Лекин “АҚШдан чўчқа гўшти импортининг тўхтатилгани Ўзбекистон озиқ-овқат хавсизлигига таҳдид туғдирмайди”, дея таъкидлаган у.

Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи мусулмон бўлгани туфайли мамлакат бозорлари ва дўконларида асосан мол ва қўй гўшти сотилади.

Шу кунларда Тошкентда озиқ-овқат хавфсизлигига доир халқаро анжуман ўтказилмоқда.