Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири АҚШ расмийси билан Афғонистонни муҳокама қилди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Лорел Миллер Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, берилаётган хабарларга кўра, икки диломат Афғонистондаги вазиятнинг минтақадаги жараёнларга таъсири борасида фикр алмашган.

Мазкур учрашув сабабидан Россия матбуотида Ўзбекистон АҚШ ҳарбийларига мамлакат ҳудудидан жой бериши мумкинлиги борасида тахминлар илгари сурилмоқда. “Независимая газета” нашри экспертлар фикрига таяниб, Қўшма Штатлар Қирғизистондаги “Манас” ҳаво базаси ёпилиши ортидан, Ўзбекистонга қайтишга ҳаракат қилмоқда, деган иддаоларни илгари сурди.

АҚШ 2001-2005 йилларда Ўзбекистонда ўз ҳарбий базасига эга бўлган. Афғонистондаги ҳарбий миссияси мақсадларида фойдаланилган АҚШ базаси Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан ҳайдалган эди.

АҚШ ва НАТО кучлари 2014 йил охирига қадар жанговар қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан тразит йўлаги сифатида фойдаланишни истамоқда.