Равшан Эрматов АҚШ-Германия ўйинини бошқаради

Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов ЖЧ-2014 доирасида дастлаб Швейцария ва Эквадор ўртасидаги ўйинга ҳакамлик қилган.

26 июнь куни бўлиб ўтадиган АҚШ-Германия ўйинига ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов ҳакамлик қиладиган бўлди.

Бу ўйинда ҳам унга ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоровлар ёрдамчилик қилади.

АҚШ ва Германия командалари G гуруҳининг пешқадам командалари бўлиб ҳисобланади.

Бу ўйин Эрматов гуруҳи учун Жаҳон чемпионати доирасидаги учинчи ҳакамлик бўлади. Бунгача Эрматов Швейцария ва Эквадор, кейин эса Мексика ва Хорватия ўйинларига ҳакамлик қилган.

Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматов ўз иши учун юқори баллар олиб келаётган ФИФА ҳакамларидан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, унинг Мексика билан Хорватия ўртасида 14 июнь куни бўлиб ўтган ўйинга ҳакамлиги worldreferee.com сайти вакиллари томонидан 8,5 балга баҳоланган. Жаҳон чемпионати ўйинларига ҳакамлик қилаётган ҳамкасблари орасида Равшан Эрматов ҳозирча учинчи ўринни эгаллаб турибди.