Ўзбекистонда қуёш заҳиралари харитаси ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистонда яқин орада қуёш заҳираларининг дастлабки хариталарини ишлаб чиқиш якунига етказилади. Мазкур хариталар воситасида юқори самарали қуёш электр станцияларини қуриш учун жой танлаш осонлашиши айтилмоқда.

Uzbekistan Today нашрининг хабар қилишича, хариталар “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг Маъданшунослик институти мутахассислари томонидан замонавий технологияларни қўллаган ҳолда тузилаётир.

Хариталар тузиш иши якунланганидан кейин Ўзбекистонда қуёш энергетикасидан фойдаланишнинг йўл хариталарига тузатиш киритиш мумкин бўлиши кутилмоқда.

Қуёш станциялари, энг аввало, экологик жиҳатдан зарарсизлиги билан жозиблиги айтилади. Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган мутахассислар Ўзбекистонда қурила бошлаган қуёш электр станциялари яқин йиллар ичида мамлакатдаги электр тақчиллиги муаммосини ҳал қила олмаслигини қайд этгандилар.