МТС Ўзбекистонга қайтаяпти

10May2011

Интерфакс ахборот агентлигининг Россия ҳукуматидаги ўз манбаларига таяниб хабар қилишича¸ Ўзбекистон ҳукумати МТС ширкатининг мамлакат мобил алоқа бозорига қайтиб¸ ўз фаолиятини тиклашига рухсат берган.

Бу ҳақдаги қарор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг чоршанба кунги мажлисида қабул қилинган.

Ҳукумат ичидаги Интерфакс манбасининг билдиришича¸ Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ энди Россия мобил алоқа ширкати Ўзбекистонда МТС бренди остида ўз шўъба корхонасини очади. Ўзбекистон билан шерикликда тузиладиган бу қўшма корхонани таъсис этиш ҳақидаги келишувнинг тез кунларда имзоланиши кутилмоқда.

Россия агентлиги ҳозирча Тошкент ва россиялик миллиардер Владимир Евтушенковга қарашли Система холдинги ўртасида тузиладиган бундай қўшма корхона таркибига оид бошқа тафсилотлар йўқлигини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда МТСнинг Москвадаги бош идораси расмийлари¸ ҳозирча Ўзбекистон ҳукуматининг бундай қароридан бехабарликлари ва шу боис уни шарҳлай олмасликларини маълум қилдилар.