Ўзбекистон ва Швейцария солиқларга доир маълумотларни бир-бирига тақдим қилиш бўйича келишиб олди

Швейцария банкларида Ўзбекистонга алоқадор 900 миллион АҚШ доллари музлатилган.

Швейцария ва Ўзбекистон 1 июль куни Икки томонлама солиққа тортмаслик тўғрисидаги келишувга ўзгартиш киритишга доир баённома қабул қилди.

Швейцарияда рус тилида чиқадиган “Швейцария Доловая” нашрининг ёзишича, мазкур баённомага кўра, икки мамлакат солиқ идоралари бир-бирига солиққа доир сўровлар бўйича маълумотларни тақдим қилиши белгиланган. Хабарда айтилишича, ўзаро маълумотлар алмашинуви қатор талабларга жавоб берувчи махсус сўровномага асосан амалга ошади. Солиқларга доир маълумотларни автоматик тарзда тақдим этиш кўзда тутилмаган, дея эслатилади хабарда.

Эслатиш жоиз, Швейцария ҳукумати Ўзбекистон фуқароларини пул ювишда айблаб, жиноят иши қўзғатган. Хусусан, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова гумонланувчи сифатида ўтаётган жиноят иши доирасида, Швейцария банкларидаги камида 900 миллион АҚШ долларига тенг маблағ музлатилган.

Шунингдек, Гулнора Каримовага алоқадор экани айтилган ва 2010 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан йўқ қилинган Зеромакс ширкати Швейцарияда рўхатга олинган эди.