Тошкентда тижорат визаси билан одамларни Ҳажга юбормоқчи бўлганлар ушланди

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентда одамларни тижорат визаси билан Ҳажга жўнатишга уринган гуруҳни қўлга олди. Бу ҳақда 12news.uz сайти хабар тарқатди.

Хабарга мувофиқ, Саудиянинг Тошкентдаги элчихонасида ишлагани айтилаётган шахс ва унинг шериги одамларни Ҳажга юбориш ваъдаси билан 2012 йилда 35 минг, 2013 йили эса 61 минг доллар пул ишлаб олган.

Хусусан, 2013 йили уларга бир қанча қариндошини Ҳажга юбориш илтимоси билан бир андижонлик мурожаат қилган ва бу иш учун 61 минг АҚШ доллари миқдорида пул тўлаган. Уларни Ҳажга жўнатишнинг имкони бўлмаган. Шундан сўнг улар андижонликдан Ҳажга боролмай қолган кишиларни Умрага жўнатиш масаласини ҳал қилиш учун 70 кило тоғ асали ва иккита пиширилган қўй олганлар.

Маълумотларга кўра, фирибгарлар фирмаларнинг бири номидан Саудия элчихонасига тижорат визасини расмийлаштириш учун сохта ҳужжатларни тақдим этиб, хорижга чиқувчиларнинг ҳар бири учун 55 доллардан пул тўлаганлар. Айни пайтда улар бунинг учун ҳар бир одамдан 6 минг доллардан 7 минг долларгача пул олгани айтилмоқда.

Агентлик хабарида жиноятчиларнинг яшаш жойи тинтув қилинган пайтда у ерда Ҳизбут-Таҳрир партиясига оид адабиёт ва СД дисклар топилгани, ҳозир мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш очилиб, тергов ишлари олиб борилаётгани ҳам қайд этилади.