Шаҳрисабзда болаларга ОИТС юқтирилишида гумонланганлар тергалмоқда

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида 26 нафар болага ОИТВ/ОИТС юқтирилиши билан боғлиқ ҳодиса тергов қилинмоқда.

ОИТС тарқалишига қарши олиб борилган курашнинг самарасизлиги оқибатида 2007-2013 йиллар оралиғида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 26 нафар вояга етмаган бола мазкур вирусни юқтириб олган, улардан 6 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Бу ҳақда Шаҳрисабз прокурори Шерали Аширов билдирди, деб ёзади 12news.uz сайти.

Нашрнинг прокурор Ашировга иқтибосан хабар қилишича, “мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 113-моддаси 3-бандига (Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш) мувофиқ равишда жиноий иш қўзғатилган”.

Бу иш бўйича судланувчилар айби исботланган тақдирда, улар беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Ўзбекистонда оммавий тарзда ОИТВ/ОИТС юқтирилиши билан боғлиқ ҳодисалар аввал ҳам кузатилган. 2008 йилда Наманган касалхоналарида 140дан ортиқ бемор, асосан, болаларга ОИТВ вируси юқтириилган эди.