Тожикистонда ШҲТ ташқи ишлар вазирлари учрашмоқда

Абдулазиз Комилов (ўнгдан учинчи) кейинги 10 йил ичида Тожикистонга сафар қилаётган илк Ўзбекистон ташқи ишлар вазиридир.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари бугун Тожикистон пойтахти Душанбеда учрашмоқда.

Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида 31 июль куни бошланган йиғинни очиб берган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ШҲТ минтақада ҳамкорлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳали “ўз потенциалини тўлалигича ишлатгани йўқ”, дея баён қилди.

Йиғинда иштирок этаётган Абдулазиз Комилов кейинги 10 йил ичида Тожикистонга сафар қилаётган илк Ўзбекистон ташқи ишлар вазиридир.

Комилов кеча тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Аслов билан учрашди. Ҳозирча бу учрашувга доир расмий хабар берилмаган бўлса-да, унда икки мамлакат муносабатларидаги муаммоли нуқталар, хусусан, Роғун ГЭСи билан боғлиқ масаланинг муҳокама қилиниши кутилаётган эди.

Бугунги учрашувда террорчилик, айирмачилик ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши биргаликда кураш масалалари муҳокама қилинмоқда.

ШҲТга қўшилиш истагини билдираётган Афғонистондаги вазият ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шу йилнинг 11-12 сентябрь кунлари Душанбеда ўтказилиши режалаштирилаётган ШҲТ президентлари саммитида бошқа масалалар қаторида Украинада давом этаётган бўҳрон ҳам муҳока этилишини билдирди.