Ўш шаҳри мэри: Ўзбекистон газ эвазига Қирғизистоннинг айрим ҳудудларини сўрамоқда

Бу ҳақда Ўш шаҳри мэри Айтмамат Қадирбаев шаҳарнинг “Манас-Ата” мавзеси аҳолиси билан учрашувда билдирди.

Қадирбаевга кўра, Ўзбекистон Ўшга газ етказиб беришни қайта тиклаш эвазига Қирғизистон ҳудудидан айрим ерларни ҳамда Сўх анклавига коридор беришни сўрамоқда.

Қирғизистон ҳукумати бу шартни қабул қилмаётгани айтган Ўш шаҳри мэри аҳолини муваққат қийинчиликларга чидаб туришга чақирди.

Ўзбекистон шу йилнинг 14 апрелида Қирғизистоннинг жанубига табиий газ сотишни тўхтатиб қўйган. Мамлакат расмийларига кўра, бу масала юзасидан қилинган мурожаатларни Ўзбекистон жавобсиз қолдириб келган эди.

Қирғиз расмийлари бундан олдин ҳам Ўзбекистон газ узатишни тиклаши учун Қирғизистонга сиёсий талаблар қўяётгани тўғрисида баёнотлар билан чиққан.