Ўзбекистон ва Хитой янги газ қувури қуради

Газ қувури учинчи линиясининг Ўзбекистон бўлаги келаси йил бошига қадар битказилиши кутилмоқда.

Тошкент ва Пекин ҳукуматлари Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг тўртинчи линиясини қуришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистонга қарашли “Ўзбекнефтегаз” ва Хитойнинг “CNPC” давлат ширкатлари бир қисми Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг тўртинчи йўлагини қуриш ва уни бошқариш билан шуғулланадиган қўшма корхона тузиш режаларини эълон қилди.

Интернет нашрларида пайдо бўлган хабарларга кўра, тенг ҳуқуқли асосда тузилаётган корхонани тузишга доир келишув 21 август куни, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга сафари давомида имзоланган.

Газ қувурининг янги линияси беш мамлакат: Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Хитой ҳудудидан ўтади. Янги қувур ишга туширилгач Марказий Осиё-Хитой қувурининг йиллик ўтказиш салоҳияти 85 миллиард куб метрга етиши айтилмоқда.

Хабарда яна айтилишича, газ қувури учинчи линиясининг Ўзбекистон бўлаги келаси йил бошига қадар битказилиши ва унинг йиллик ўтказиш қуввати 25 миллиард куб метрни ташкил қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон газ экспорти йўналишларини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда, айни пайтда, мамлакат ички истеъмоли кейинги йилларда сезиларли қисқартирилган. Айниқса, қиш мавсумида Ўзбекистоннинг аксар минтақаларига табиий газ умуман етиб бормайди.