Ўзбек мониторинг гуруҳи “пахта мавсумида мажбурий меҳнат йўқ” демоқда

Мажбуран пахтага ҳайдалган врач ва ҳамширалар.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши тарқатган хабарга кўра¸ бутун мамлакат бўйлаб болалар меҳнати бўйича миллий мониторинг ўтказилмоқда.

Айтилишича¸ Меҳнат вазирлиги¸ Савдо-саноат палатаси¸ Касаба уюшмалари федерацияси¸ ҳамда маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари вакилларидан тузилган 8 минтақавий гуруҳ 18-25 сентябрь кунлари республика пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари бор-йўқлигини кузатади.

Бу жараëнда иштирок этиши айтилган БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари эса¸ мониторинг учун фақат техник ëрдам бериш билан чекланади.

18-20 сентябрь кунлари Тошкент¸ Сирдарë ва Жиззах вилоятларида ўтказилган мониторинг натижасида кузатувчилар пахтакорлар учун яратилган шароитнинг рисоладагидай экани¸ 18 ëшга тўлмаганларнинг далада йўқлиги ва аҳолининг пахта теримида ўз ихтиëри билан қатнашаëтганини аниқладилар¸ деб ëзди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси.

Ўзбек мутахассислари хулосасича¸ ҳашарчилар яхши санитария шароитида яшаш баробарида сифатли озиқ-овқат билан таъминланмоқда¸ уларга меҳнати учун ҳар беш кунда нақд пул тўланмоқда.

Айни пайтда¸ Озодликка мурожаат қилаëтган оддий ўзбекистонликлар коллеж ва олийгоҳ талабалари¸ давлат тизимлари ишчи-хизматчиларининг мажбуран “ўз ихтиëрим билан пахтага бораман” деган тилхат ëзиб¸ мажбуран пахта теримига чиқарилаëтгани ҳақида кунига ўнлаб хабар ва маълумот йўлламоқда.