Президент Каримов Порошенкони танқид қилди

Бугун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Украина раҳбари Петро Порошенкони МДҲнинг Минскдаги саммитига келмагани учун танқид қилди.

Каримов Порошенконинг ЕИ йиғилишларида иштирок этганини тилга олиб, МДҲ саммитига келмаганини қоралади:

- Ўтган давр ичида у Европанинг кўплаб мамлакатлари, айниқса Брюсселда кўп бўлди. Шунингдек, у бошқа мамлакатларга ҳам борди, қайсилигини айтмасак ҳам бўлади. Лекин, у МДҲнинг навбатдаги саммитида қатнашиб, бугунги имкониятдан фойдаланмади, - деди жумладан Ислом Каримов.

Аввалроқ Укрaинa МДҲ тaркибидaн чиқиш ниятини билдиргaн, лекин ҳозирча расман ушбу тузилма таркибида қолмоқда.

МДҲнинг Минскдаги саммитида Украинадан ташқари ташкилотга аъзо барча мамлакатларнинг президентлари қатнашмоқда.

Минскдаги саммитда йигирмага яқин масала, жумладан, МДҲ ҳудудида наркотрафикка қарши кураш ва 2015 йилда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 70 йиллигини биргаликда нишонлаш масаласи муҳокама қилинмоқда.