Ўзбекистон ўзидаги ядровий ёнилғини Россияга юборади

“ФОТОН” заводидаги реакторда қолаётган 30 литр ёнилғи таркибида 5000 грамм 90 фоизга бойитилган уран бор.

Ўзбекистон ҳудудидаги ядровий ёнилғи Россияга олиб кетилади. Росбалт агентлигининг хабар қилишича, Россия ҳукумати бунга оид Ўзбекистон-Россия келишувини Давлат думасига ратификация қилиш учун киритган.

Хабарда бундан аввал Ўзбекистондан ядровий ёнилғининг бир қисми Россияга олиб борилгани эслатилади.

Ҳозирда Тошкент яқинидаги “ФОТОН” заводидаги реакторда юқори бойитилган суюқ ядровий ёнилғидан 30 литри қолмоқда. Унинг таркибида 5000 грамм 90 фоизга бойитилган уран бор.

Ўтган асрнинг 40-йилларида ташкил қилинган “ФОТОН” заводидаги ёнилғи собиқ СССР даврида ишлаб чиқарилган. Ректор эса 1975 йилда ишга туширилган. Лекин Тошкент яқинидаги иншоотда юқори бойитилган ядровий ёнилғини сақлашга доир Атом Энергияси халқаро агентлиги талабларини бажариш шароити бўлмагани боис, Ўзбекистон ҳукумати ёнилғини олиб чиқиб кетишни сўраб, Россияга мурожаат қилган.