Президент Ислом Каримовни Ашхобод аэропортида бош вазир ўринбосари кутиб олди

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 23 октябрь куни расмий ташриф билан Туркманистонга келди.

Расмий хабарга кўра, президент Каримовни Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов кутиб олган.

Дастурга мувофиқ расмий ташрифнинг асосий тадбирлари 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланади.

Ўзбекистон раҳбари Туркманистонга сўнгги марта 2012 йилда борган эди. Ўшанда Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий ҳамкорлиги юзасидан 2013-2017 йилга мўлжалланган шартнома имзоланган.