Каримов Бердимуҳаммедовни “Мустақиллик” ордени билан тақдирлади

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Ислом Каримов (ўнгда) ва Гурбангули Бердимуҳамедов (чапда).

Ашхободга расмий сафар билан борган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Туркманистон Президенти Қурбанқули Бердимуҳаммедовни “Мустақиллик” ордени билан тақдирлади.

ЎзА агентлиги маълумотига кўра, Бердимуҳаммедов икки миллат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, икки давлат ўртасида манфаатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги катта хизматлари учун ушбу мукофотга муносиб деб топилган.

Кеча икки кунлик расмий ташриф билан Ашхободга борган президент Каримовни Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов кутиб олди.

Дастурга мувофиқ расмий ташрифнинг асосий тадбирлари 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланади.

Ўзбекистон раҳбари Туркманистонга сўнгги марта 2012 йилда борган эди. Ўшанда Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий ҳамкорлиги юзасидан 2013-2017 йилга мўлжалланган шартнома имзоланган.