Ўзбекистон ва БАА жиноятчиларни экстрадиция қилиш тўғрисида келишиб олди

Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари жиноятчиларни ўзаро алмашишга доир келишувни имзолади.

Ўзбек делегациясининг БААга расмий ташрифи доирасида қабул қилинган ҳужжатни Ўзбекистон Адлия вазири Ниғматилла Йўлдошев ва БАА Адлия вазири Султон бин Саид ал-Бадий имзолади.

Ўзбекистон расмийларининг билдиришича, суд ва ҳуқуқий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга кўра, томонлар қидирувда бўлган ва судланган жиноятчиларни иккинчи давлатга экстрадиция қилишга мажбур бўлади.

Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистон тергов идораларидан қочиб, БАА ҳудудида паноҳ топаётган ўзбекистонликлар сони ошаётган пайтга тўғри келмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда жиноят ишлари очилиб, қидирувда бўлган криминал авторитет сифатида кўриладиган Ғафур Раҳимов, шакар савдоси монополисти “Бохо шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов ва кўплаб бошқа ўзбекистонликлар Дубайда яшириниб юрганига оид маълумотлар бор.