Земан Каримов билан Остонада учрашиши мумкин

Ислом Каримов ва Милош Земан

Қозоғистон президенти матбуот хизматига кўра¸ 24 ноябрь куни Чехия президенти Милош Земан расмий ташриф билан Остонага боради.

25 ноябрь куни эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам Остонага сафар қилади.

Жорий йил февраль ойида Прагага келиши режаланган Ислом Каримов сафари халқаро ва маҳаллий инсон ҳақлари ҳимоячилари норозилигидан сўнг бекор қилинган эди.

Матбуотдаги фаразларга қараганда¸ Каримов ва Земаннинг февралда бўлмай қолган учрашуви энди Остонада ўтказилиши мумкин.

Нурсултон Назарбоевнинг ҳар иккала меҳмон ҳамкасби билан алоҳида учрашишини билдирган Қозоғистон президенти матбуот хизмати¸ учала президентнинг биргаликдаги музокаралари кун тартибида йўқлигини таъкидлади.

Айни пайтда¸ матбуот хизмати Каримов ва Земан ўртасида алоҳида учрашув бўлиш-бўлмаслиги ҳақида изоҳ беришни истамади.

Ўтган ой Озодлик билан суҳбатда Чехия президенти мамурияти вакили президент Милош Земан халқаро ҳамжамият танқидларга қарамай, дунё диктаторларидан бири кўриладиган Ислом Каримовни Прагага таклиф этиш қароридан воз кечмаганини билдирган эди.

Собиқ коммунист Земаннинг Чехиядаги эътибори кун сайин пасайиб бормоқда. 17 ноябрь куни Чехия Бахмал инқилобининг 25 йиллиги тантаналарига келган Земан¸ демократик қадриятларни сотганликда айбланди ва намойишчилар унга қарата тухум отдилар.