Фарғона вилояти суди Қирғизистон фуқаросини жосусликда айблаб, 10 йилга қамади

Ўзбекистон суди Қирғизистон фуқаросини жосусликда айбдор деб топиб, 10 йилга қамоққа ҳукм қилди.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани ҳокими Акрамжон Мадумаров 1 декабр куни Озодлик билан суҳбатда, қирғиз фуқароси Қубаничбек Эралиев Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида бир неча кун аввал қамоққа маҳкум қилинганини билдирди.

Мадумаровнинг айтишича, туман ҳокмилиги Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигидан Эралиевнинг иши юзасидан чора кўришга чақирган.

Қадамжон ҳокимига кўра, Эралиев ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган, лекин суд мажлисида на унинг қариндошлари, на Қирғизистон расмийлари қатнаша олган.

41 яшар Эралиев шу йилнинг май ойида Ўзбекистон чегарачилари тарафидан қўлга олиниб, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва жосусликда айбланган эди.

Боткен вилояти Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон баҳам кўрадиган Фарғона водийсида жойлашган.

Собиқ Иттифоқнинг уч мамлакати ўртасидаги бу минтақага тўғри келадиган чегаранинг катта қисми аниқланмагани боис ўртада можаролар тез-тез кузатилади.