ЕХҲТ: Ўзбекистонда сайловолди кампанияси аломатлари йўқ

Ўзбекистонда сайловолди кампаниясининг унсурлари кузатилмаётир. Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича бюроси ана шундай хулосани берди.

Ўзбекистонда 21 декабрга белгиланган сайловга баҳо бериш учун юборилган ЕХҲТ миссияси овоз беришга бир ҳафта қолганига қарамасдан сайловолди кампанияси ўта суст ўтказилаётганига эътибор қаратмоқда кеча эълон қилинган оралиқ ҳисоботида.

Ҳозиргача сайловолди кампанияси аломатлари деярли кузатилмаяпти, деган миссия вакилларига кўра, Ўзбекистондаги “қонунчилик базаси ОАВларида сиёсий плюрализмга тўсиқ яратмоқда”.

Шунингдек ЕХҲТ миссяиси кузатувларига кўра, “партияларнинг дастурлари асосан ижтимоий муҳофаза ва иқтисодий ривожланиш масалаларига қаратилган”.

ЕХҲТ Ўзбекистонда номзодлар ўртасида сиёсий рақобат йўқлиги боис, парламент сайловларига тўлақонли кузатувчилар миссиясини юбормасликка қарор қилди. Бунинг ўрнига сайлов жараёнига баҳо берувчи чекланган гуруҳ Ўзбекистонга келди.

21 ноябрь кунги сайловларда Ўзбекистонда фаолияти рухсат этилган тўрт партия 135тадан номзод қатнашади. Булар Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Халқ демократик партияси, Миллий тикланиш партияси, Социал-демкоратик партиясидир.