Ўзбекистонликлар учун даромад солиғи оширилмоқда

Солиқларнинг оширилиши товар ва хизматларнинг қимматлашишига олиб келади, демоқда иқтисодчилар.

Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб даромад солиғи оширилмоқда. Жисмоний шахсларга солинадиган солиқ миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг беш баробаригача (107.635 сўмдан 538.175 сўмгача) бўлган даромаддан 8,5 фоиз қилиб белгиланди. Шу пайтгача, фуқаролар 7,5 фоиз даромад солиғи тўлаб келган.

Энг кам иш ҳақи миқдоридан камроқ (107.635 сўмгача) маош оладиганларга даромад солиғи солинмайди.

Шунингдек, фуқаролардан бюжетдан ташқари Пенсия жамғармасига ундириладиган мажбурий суғурта тўлови ҳам ярим фоизга оширилиб, 7 фоиз миқдорида белгиланди.

Айни пайтда, юридик шахсларга солинадиган даромад солиғи ярим фоизга камайтирилиб, 7,5 фоиз кўрсаткичига туширилди.

Шунингдек, 1 январдан Ўзбекистонда бошқа нархлар ҳам оширилмоқда. Хусусан, бензин, дизель, суюлтирилган ва сиқилган газ ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари нархларининг ошиши кутилмоқда.

Бу маҳсулотлар савдосидан ундириладиган солиқ миқдорининг оширилиши охир-оқибат жамоат транспорти, озиқ-овқат маҳсулотлари, коммунал ва бошқа турдаги хизматларнинг қимматлашишига олиб келишини башорат қилмоқда иқтисодчилар.