ЕХҲТ: Ўзбекистон сайловида рақобат ва очиқ мулоқот йўқ

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига кўра, Ўзбекистон сайловлари “рисоладагидай ташкил қилинган, бироқ ҳақиқий рақобатчилик ва баҳслашувларсиз ўтган".

ЕХҲТ Ўзбекистондаги сайловларда сиёсий рақобатнинг чеклангани сабаб фақат баҳоловчи гуруҳни жўнатган эди.

“Сайловчиларга ҳақиқий сайлов танловини бериш учун мукаммал тадбирлар амалга оширилиши лозим”, дейилади ЕХҲТ баёнотида.

ЕХҲТ вакилларига кўра, сайлов пайти бировнинг номидан овоз бериш ҳолатлари кўп учраган.

Баёнотда ёзилишича, ҳукумат кўмагидан фойдаланган ҳолда сайловда иштирок этган тўртта партия ўзаро рақобат қилишдан кўра, бир-бирини тўлдирган холос.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, парламент сайловларида ЕХҲТ вакилларидан ташқари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 50 дан ортиқ давлатдан 300 дан зиёд кузатувчилар иштирок этган.