Ўзбек-қирғиз чегарасида отишма содир бўлди

18 январь куни Олабуқа чегара отрядининг “Кўксерек” чегара заставаси участкасида отишма содир бўлди.

Қирғизистон Давлат чегара хизматининг маълум қилишича, қирғиз-ўзбек чегарасини қўриқлаётган чегара наряди Олабуқа туманининг Ажек деган жойида овчилик билан шуғулланиб юриб, Қирғизистон ҳудудига ноқонуний ўтиб кетган уч ўзбекистонликка дуч келган.

“Ўзбекистон фуқаролари чегара нарядининг қуролни топшириб, таслим бўлиш талабига бўйсунмаган, бунинг ўрнига чегарачиларга қарата ўт очганлар. Жавоб ўқи билан овчилардан бири ярадор қилинган. Қолган икки овчи воқеа жойидан қочишга уринган пайтда Ўзбекистон ҳудудидаги чегара чизиғи олдида ўзбек чегара наряди томонидан қўлга олинган”, дейилади Қирғизистон Давлат чегара хизмати хабарномасида.

Қирғиз чегарачилари ярадор ўзбекистонликка тиббий ёрдам кўрсатилганини айтмоқдалар. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ, ярадор чегара бузувчи ва ўзбекистонликларга тегишли уч ов милтиғи воқеа жойига етиб келган ўзбек чегарачиларига топширилган.

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарачилари учрашуви натижасига кўра, бу нохуш ҳодисани ҳар иккала томон ўзи текширадиган бўлган.

Ўзбек чегарачилари мазкур воқеа юзасидан ҳали бирор расмий маълумот тарқатгани йўқ.