Президент Ислом Каримов лавозимларни замонавийлаштиришни талаб қилди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакат корхоналарида янгича, замонавий лавозимларни жорий этишни талаб қилди. 2014 йил якунлари ва 2015 йил истиқболларига бағишлаб, жума куни ўтказилган ҳукумат йиғинида гапирган Каримовнинг фикрича, совет давридан қолиб кетган эски лавозимлар тизими халқаро меъёрларга мос келмаслиги корхоналарни бошқаришда самарадорликка путур етказмоқда.

“Бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган лавозимлар – тижорий директор, молиявий директор, лойиҳа менежери, мижозлар билан ишлаш бўйича, харид бўйича ва ҳоказоларни кенг жорий қилиш керак”, дея таъкидлади Каримов.

Президент Каримов корпоратив бошқарув тузилмасига доир хорижий ширкатлар тажрибасини Ўзбекистондаги корхоналарга фаол жорий қилишни ҳам талаб қилди.

Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йилларида давлат ва хусусий ширкатлар раҳбарларига нисбатан "президент" атамаси ишлатилиши тақиқланган эди.