Cotton Campaign: Жаҳон Банкининг Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни назардан четда қолдираётгани "даҳшатлидир"

Cotton Campaign баёнотига кўра, 2014 йилги пахта мавсумида ҳам миллионлаб фуқаролар ҳосилни йиғиштириб олишга мажбур этилган.

Cotton Campaign ташкилоти Жаҳон Банкининг Ўзбекистонга ажратилаётган кредитлари билан ҳукумат томонидан ташкиллаштирилган мажбурий меҳнат ўртасидаги боғлиқликни тафтиш қилмаслик қароридан хавотир билдирди.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши тузилган коалициянинг душанба куни эълон қилган баёнотида, тузилмага аъзо Инсон ҳуқуқлари учун ўзбек-немис форуми ташкилоти раҳбари Умида Ниёзованинг “Банк чиқарган қарор даҳшатлидир”, деган сўзларидан иқтибос келтирилмоқда.

“Банк Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатнинг миллионлаб қурбонларига, уларнинг кўргиликлари ва банк ажратаётган кредитлар ўртасида боғлиқлик борлигини эътироф этишига қарамасдан, бу ҳолатни тафтиш қилишга арзимайди, деган мужда юборди”, дея таъкидлайди ҳуқуқ фаоли.

Cotton Campaign баёнотида айтилишича, Ўзбекистон 2014 йилги пахта терим мавсумида ҳам, аввалги йиллардагидек, фермерлардан пахта етиштиришни талаб қилиб, миллионлаб фуқароларни ҳосилни йиғиштириб олишга мажбур қилган.

Ҳуқуқ фаоллари Жаҳон Банки ва бошқа халқаро молиявий идораларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторини молияламасликка чақириб келади.

Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланишини рад этиб келади.