"Мусулмонлар Иттифоқи" Каримовни истеъфо беришга чақирди

Қозоғистонда фаолият юритадиган "Мусулмонлар Иттифоқи" ташкилоти Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни истеъфо беришга чақирди.

Ташкилот томонидан қилинган мурожаатда Ислом Каримовнинг саломатлиги ёмонлашгани тўғрисидаги хабарлардан ташкилот аъзолари хавотирда экани айтилган ва Каримовга “ҳукуматни топшириш” тавсия этилган.

“Мусулмонлар Иттифоқи" раҳбари Мурат Телибеков Би-Би-Си радиосига 5 февраль куни берган суҳбатида “Ўзбекистон Қозоғистоннинг ён қўшниси. Шубҳасиз, ушбу давлатда бўладиган ҳар қандай сиёсий ҳодисалар Қозоғистонга ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Бугунги кунда терроризм муаммоларининг чигаллашуви ёки халқаро экстремистик ташкилотларнинг фаоллашуви ортидан Каримовнинг ўлими минтақада вазиятни издан чиқариб юбориши мумкин. Шу сабабдан, яъни сиёсий барқарорликни сақлаш мақсадида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга бу мактуб юборилди”, деб билдирган.

Аввалроқ бир қатор мухолифат нашрлари 30 январда 77 ёшга тўлган Ислом Каримов комага тушиб қолгани ҳақида хабарларни тарқатган эди. Мазкур хабар Ўзбекистон расмийлари томонидан шу кунгача тасдиқлангани ҳам, рад этилгани ҳам йўқ.