Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ниқобли номаълум шахслар хусусий тадбиркорлардан бирининг уйига бостириб кирганлар.
Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, босқинчилар жабрланувчининг уйда ёлғиз бўлган қизи – 6-синф ўқувчисини қўрқитиб, пул талаб қилишган, аммо уйдан ҳеч нарса тополмай чиқиб кетишган.
Жиноят содир бўлган жойга етиб келган милиция ходимлари воқеани жабрланувчи ва унинг қўни-қўшниларидан суриштириб, жойни кўздан кечириб, жиноятда гумонланаётганларнинг алоҳида белгиларини ўрганиб чиққанлар.
“Олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни содир этганликда гумонланиб, 4 нафар муқаддам судланган шахс қўлга олинди”, дейилади Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабарида.
Марғилондаги босқинчилик бўйича айни пайтда жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ишлари бошлангани айтилмоқда.