Ўзбекистонда “ИШИД фитнаси” чиқди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси”, деган ном остидаги китоби нашр этилди. Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий ахборот воситаларига кўра, китобда Ироқ ва Сурияда гўёки “Исломий давлат” ўрнатган террор гуруҳининг зўравонлик ва босқинчиликка асосланган фаолиятининг барча қирралари ёритилган.

Китоб муаллифи экстремистларнинг анъанавий исломга зид бўлган барча кирдикорларини очиб берган, дейилади хабарда.

“ИШИД фитнаси” китоби нашр этилгани тўғрисидаги хабар пайдо бўлган кунда Ироқ ғарбидаги Ал-Бағдодий шаҳрида “Исломий давлат” террор гуруҳи 45 киши тириклайин ёқиб юборгани тўғрисида маҳаллий полиция бошлиғи, полковник Қосим Обейдий хабар қилди.

Унинг фикрича, қатл этилганлардан баъзилари хавфсизлик хизмати ходимлари бўлиши мумкин. Ўтган ҳафтада “Исломий давлат” жанггарилари Ал-Бағдодий шаҳрининг катта қисмини ишғол қилган эди.