Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари суиистеъмоли учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий сайтининг хабар қилишича, 19 февраль куни палатадаги барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган йиғилишлари бўлиб ўтган ва унда кун тартибидан ўрин олган қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилган.

Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари орасида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси бор.

Сайтга кўра, мазкур “қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш соҳасидаги Давлат сиёсатининг амалдаги ҳуқуқий базасини тўлдиради, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган туғма жисмоний нуқсонлар, барвақт ногиронлик ва ўлим ҳолатларининг камайишига кўмаклашади ва натижада ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади”.

Хабарда қонун лойиҳасида назарда тутилган меъёрлар тўғрисида бошқа маълумот берилмаган