Грознийдаги кўчага марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилади

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (чапда) Чеченистон марҳум президенти¸ Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмат Қодиров билан.

Чеченистон пойтахти Грознийдаги марказий кўчалардан бирига 10 март куни юрак хуружидан кўз юмган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилади.

Бу ҳақда Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ўзининг Инстаграм хизматидаги саҳифасида маълум қилди.

- Чеченистондаги барча масжидларда шайх Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасига дуолар ўқилади. Мен Грознийдаги марказий кўчалардан бирига шайхнинг номи берилиши ҳақида қарор қабул қилдим. Шайхни Аллоҳнинг ўзи раҳматига олган бўлсин, унинг олдида абадий жаннат эшиклари очилган бўлсин, деб ёзади Рамзон Қодиров.

Унинг ёзишича, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Чеченистоннинг биринчи президенти, унинг отаси Аҳмат Қодировга устозлик қилган.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси 10 март куни Тошкентда 63 ёшида юрак хуружидан вафот этди.

Марҳумнинг жанозаси 11 март, чоршанба куни Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин жомеъ масжидида (Кўкча) пешин намозидан сўнг ўқилади.