Марҳум шайх таъзиясига Чеченистондан катта делегация келди

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф чечен президенти Рамзан Қодировнинг отаси билан яқин бўлгани айтилади.

Ўтган ҳафта вафот этган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга таъзия билдиргани Россиянинг Шимолий Кавказ республикаларидан мулозим ва диний уламолардан иборат гуруҳ Тошкентга келди.

Чеченистон ҳукумати расмий сайтига таяниб, беирлаётган хабарларга кўра, 13 март куни Ўзбекистонга келган делегация таркибида Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирув маркази раиси Исмоил Хожи Бердиев, Чеченистон муфтийси Солиҳ Хожи Межиев, Чечнистон президенти маслаҳатчилари Адам Жовотхонов ва Адам Шохидов ҳамда марҳумни ўзининг устози, деб биладиган уламолар бўлган.

Ўзбекистонлик таниқли уламо, Марказий Осиёнинг собиқ муфтийси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 10 март куни вафот этган эди. 11 март куни марҳумнинг дафн маросимига, хабарларга кўра, 200 минггача одам тўпланган. Тошкентдан олиниган хабарларга кўра, дафн маросимига Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ҳам келган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф чечен президентининг отаси, 2004 йилда ўлдирилган Аҳмад Қодировнинг яқин дўсти ва устози бўлгани айтилади.