Ўзбекистон МСК сайловда 19 млн чоғли киши иштирок этганини даъво қилди

Андижондаги сайлов участкаларидан бири, 2015 йилнинг 29 марти.

Ўзбекистонда якшанба куни бўлиб ўтган президент сайловининг дастлабки натижалари бугун, яъни 30 март куни Тошкент вақти билан соат 16.00 да эълон қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов маълум қилди.

МСК раиси иддаосича, 29 март куни ўтказилган сайловда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 91,01 фоизи ёки 18 миллион 928 минг киши иштирок этган.

Абдусаломовга кўра, якшанба кунги овоз бериш чоғида сайлов участкаларида ҳеч қандай қонунбузарлик қайд этилмаган.

Бу галги президент сайловида тўрт номзод – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ислом Каримов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Акмал Саидов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Умаров иштирок этди.

Айни пайтда таҳлилчилар бу сайловда ҳам чорак асрдан буён Ўзбекистонни бошқариб келаётган амалдаги президент – 77 ёшли Ислом Каримов ҳеч бир қийинчиликсиз ғалаба қозонишини тахмин қилмоқдалар.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, президент сайловини 43 давлат ва беш халқаро ташкилот вакиллари кузатган. Бу кузатувчилар орасида бўлган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва шу каби уюшмалар вакиллари Ўзбекистонда аввал ўтказилган парламент ва президент сайловларини халқаро стандартларга мувофиқ ўтганини иддао қилган бўлсалар, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси каби ташкилотлар эса мазкур сайловларни “эркин ва адолатли бўлмаган сайловлар” ўлароқ баҳолаганди.