Ислом Каримов тўртинчи марта қасам ичди

Бугун Тошкентда Ислом Каримовнинг президентликка сайлангани муносабати билан инаугурация маросими бўлиб ўтди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Ўзбекистон Олий Мажлисида ўтказилган парламент палаталари қўшма мажлисида тўртинчи марта президентликка "сайланган" Ислом Каримов қасамёдга келтирилган.

Каримов Ўзбекистон конституциянинг 92-моддасида келтирилган матнни ўқиб¸ қасамёд қилди.

Мухолифатчилар президент сайлови мамлакат конституциясининг 90-моддаси - бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка даъво қила олмаслиги ҳақидаги тамойилга зид тарзда ўтказилганини даъво қилганди.

МСК 6 апрель куни Каримовнинг айнан ушбу модда асосида президентлик курсига қайта ўтиргани ҳақида эълон қилди.

Таҳлилчилар Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг ғалаба қилишига шубҳа қилмаётган эди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистонда 29 март куни ўтказилган президент сайлови “қонун устуворлигига” зид равишда ўтказилганини хулоса қилди.