Ўзбекистонда авиация қидирув-қутқарув ягона хизмати ташкил этилди

Ўзбекистон ҳукумати республика авиация қидирув-қутқарув ягона хизмати тўғрисидаги низомни маъқуллаш тўғрисида қарор чиқарди. Uzdaily агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси авиация қидирув-қутқарув ягона хизмати ҳалокатга учраётган ёки учраган ҳаво транспортини қидириш ва қутқариш ишларини ташкил этиш, ҳамда фавқулодда вазиятлар юзага келганда Вазирлар Маҳкамаси топшириғига кўра қутқарувишларини амалга ошириш билан шуғулланиши кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон ҳудудида ҳалокатга учраётган ва учраган ҳаво транспорти пассажирлари ва экипажларини қидириш ва қутқаришни таъминлаш мақсадида хизмат такибига кирувчи идора ва ташклотларнинг узлуксиз навбатчилиги йўлга қўйилади.

Ягона қидирув-қутқарув хизмати таркибига Мудофаа вазирлиги, парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш Давлат инспекцияси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари кириши айтилади хабарда.
Ўзбекистонда бундай хизматни ташкил қилиш эҳтиёжи нима билан шартлангани расмий хабарда изоҳланмаган.

Ўзбекистонда сўнгги авиаҳалокат бундан 11 йил аввал содир бўлган. 2004 йил январида Тошкент аэропортига қўнаётган Як-40 русумли самолёт қулаши оқибатида 37 одам, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ричард Конрой ҳалок бўлган эди.