Бугун ишга тушириладиган UzMobile тарифлари эълон қилинди

Бугун Ўзбекистондаги биринчи миллий уяли алоқа оператори бўлган UzMobile GSM тармоғи ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Хабарларга қараганда, ҳозирча Тошкент шаҳри ва вилояти учун хизмат кўрсатадиган тармоқ 15 апрель куни соат 14дан иш бошлайди.

“Ўзбектелеком” ширкатининг билдиришича, UzMobile тармоғига уланиш бепул бўлади, аммо Ўзбекистон ичидаги қўнғироқлар учун камида 2 доллар, халқаро қўнғироқлар учун эса 5 доллар миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш зарур.

UzMobile Start ва UzMobile - 4000 тариф режаларини тақдим этади. Start тарифида кунига 0,15 долларлик абонент тўлови мавжуд бўлиб, ойига 250 дақиқалик вақт қўшиб берилади. Ўзбекистон бўйича чиқувчи қўнғироқлар тармоқ ичида 1,5 цент, тармоқ ташқарисида 2 центга тенг.Кирувчи қўнғироқлар эса бепул. Шунингдек, режада 120 Мб интернет-трафик қўшиб берилади. Ундан ташқари кетадиган трафикнинг 1 мегабайти 0,05 доллар деб ҳисобланади. Чиқувчи SMS нархи эса 0,015 долларга тенг.

Uzmobile 4000 тариф режасида абонент тўлови ойига 20 доллар бўлиб, 4000 дақиқа вақт қўшиб берилади. Ўзбекистон бўйлаб тармоқ ичидаги ва ташқарисидаги қўнғироқлар 1 центдан ҳисобланади. Шунингдек, тарифга 600 Мб интернет ва 600 та бепул SMS илова қилинади. Лимитдан ошгач, 1 Мб интернет учун 0,03 доллар, ҳар бир чиқувчи SMS учун эса 0,005 доллар ушлаб қолинади.

8 миллион абонентга хизмат кўрсатиши режалаштирилган UzMobile 2014 йил 12 февралда имзоланганЎзбекистон президенти қарорига мувофиқ ташкил этилган эди.