Тошкентда яна бир Mercedes йўловчи автобуси ёниб кетди

Тошкентда йўловчи автобусларда ёнғин рўй бериши тез-тез учрайдиган ҳодисага айланган.

Тошкентда Шимолий вокзал билан “Карвонбозор” ўртасида 69-йўналишда ҳаракатланувчи Mercedes-Benz русумидаги йўловчи автобуси ёниб кетди. Бу ҳақда Facebook Интернет тармоғидаги “Водители Ташкента” гуруҳи фаоллари хабар тарқатишди.

Mercedes-Benz Conecto Low Floor русумидаги автобуснинг ёнаётгани тасвирланган расмлар илова қилинган хабарни ярим-расмий Кун.уз нашри ҳам тарқатди. Хабарларда ҳодиса оқибатида жабрланганлар бор-йўқлиги маълум эмас, дейилади.

Хабарларда ҳодиса 69-йўналишнинг қайси қисмида экани аниқлаштирилмаган, лекин Facebook саҳифасидаги расмларда автобус 7-автокорхонага доир экани ва ёнғин “Makarne” номли дўкон олдида рўй берганини кўриш мумкин.

Тошкентда йўловчи автобуслар, айниқса Mercedes автобусларида ёнғин рўй бериши тез-тез учрайдиган ҳодисага айланган.