Жорий йилнинг уч ойида ўзбек-қирғиз чегарачилари 103 марта учрашди

Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги "Дўстлик" чегара бекати.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари жами 103 марта учрашиб, чегарадаги долзарб муаммоларни муҳокама қилган.

Бу ҳақда Озодлик радиосига Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаева маълум қилди.

Унга кўра, учрашувлар маҳаллий даражадаги раҳбарлар ва чегара заставалари қўмондонлари ўртасида бўлиб ўтган. Бу учрашувларда қирғиз-ўзбек чегарасидаги вазият, қўриқланаётган чегара қисмида вазият ўзгарса томонларни ҳабардор қилиш, аниқланмаган чегара ҳудудларини ҳамкорликда назорат ташкил қилиш тартиби каби масалалар муҳокама қилинди.

Гулмира Бўрубаеванинг айтишича, 2015 йилнинг биринчи чорагида қирғиз-ўзбек чегарасида давлат чегарасини бузган 40 нафар, чегара режимини бузган 49 нафар одам қўлга олинган.